>

Алоуддин Мансур — 496

44:1 Ҳо, Мим.

44:2 Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки,

44:3 Албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан Охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик.[1]

44:4 У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур).[2]

44:5 (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат, Биз (башариятга пайғамбарлар) юборгувчи бўлдикки,

44:6 (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитгувчи, билгувчидир.

44:7 Агар ҳақиқий ишонгувчи бўлсангизлар, (ўша сизларнинг Парвардигорингиз) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир.

44:8 Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сизларнинг Парвардигорингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам (Унинг Ўзидир).

44:9 Йўқ, улар (яъни, мушриклар қайта тирилиш хусусида) шак-шубҳада бўлиб, (Аллоҳнинг пайғамбарларининг устидан масхара қилиб) ўйнарлар.

44:10 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз осмон очиқ (яъни, барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг!

44:11 У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.[3]

44:12 «Парвардигор, Ўзинг бизлардан бу азобни аритгин. Албатта бизлар иймон келтиргувчидирмиз».

44:13 (Лекин) улар учун қаёқдан ҳам (бошларига тушган бу бало-офатлардан) эслатма-ибрат олиш бўлсин?! Ҳолбуки, уларга очиқ пайғамбар (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) келди,

44:14 сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: «(Унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун», дедилар-ку?! (Бас, очиқ-равшан мўъжиза — Қуръонни келтирган пайғамбарга иймон келтирмай, ундан юз ўгирган кимсалар бошқа бирон нарсадан панд-насиҳат олармидилар?!)

44:15 Албатта Биз бу азобни (сизлардан) бир оз (вақтгача) аритгувчидирмиз, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар.

44:16 Биз даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган кунда (яъни, Бадр жангида ёки Қиёмат Кунида Биз улардан интиқом олурмиз). Зеро, Биз интиқом олгувчидирмиз.

44:17 Аниқки, Биз улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз ва уларга бир улуғ пайғамбар (яъни, Мусо алайҳиссалом) келгандир.

44:18 (У уларга деди): «Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини (яъни, Бани Исроил қавмини) топширинглар! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман».[4]