>

Алоуддин Мансур — 495

43:74 Албатта жиноятчи кимсалар (яъни, кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар.

43:75 Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар!

43:76 Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар.

43:77 Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди.

43:78 Аниқки, Биз сизларга Ҳақ — Қуръонни келтирганмиз, лекин сизларнинг кўпларингиз Ҳақни ёмон кўргувчидирсизлар.

43:79 Балки улар (яъни, Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга суиқасд қилиш учун) бирон ишга қарор қилгандирлар?! Бас, албатта Биз ҳам (Ўз пайғамбаримизга уларнинг макрларидан нажот бериб, у суиқасд қилгувчиларнинг ўзларини ҳалок этишга) қарор қилгувчидирмиз.

43:80 Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва шивир-шивирларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар!

43:81 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, «Аллоҳнинг боласи бор», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг боласи бўлганида мен (у болага) ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлур эдим, (лекин У зотнинг боласи ҳам, оиласи ҳам йўқдир)!»

43:82 Осмонлар ва Ернинг Парвардигори, Арш Эгаси (бўлган Аллоҳ) улар сифатлаётган айблардан покдир!

43:83 Бас, сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинган Кунга рўбарў бўлгунларича (ноҳақ йўлларига) шўнғишиб, (ўз дунёларида) ўйнаб-кулиб юраверсинлар!

43:84 У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, Ерда ҳам илоҳ бўлган Зотдир. У ҳикмат Эгаси ва билгувчидир.

43:85 Осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсалар подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зот баракотли — буюкдир. (Қиёмат) соати ҳақидаги билим ҳам ёлғиз Унинг ҳузуридадир. Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.

43:86 (Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида Ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар).

43:87 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар. Бас, (Ўша яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!

43:88 (Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат, ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган (сўзларини ҳам билур).

43:89 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!