Алоуддин Мансур — 494
43:61 Албатта (Ийсо Қиёмат) соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашинглар! Мана шу Тўғри Йўлдир».[6]
43:62 Сизларни ҳаргиз шайтон (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин. Албатта у сизлар учун очиқ душмандир.
43:63 Қачонки Ийсо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизаларни келтиргач, деди: «Мана мен сизларга Ҳикмат — Инжил билан, сизларга ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!
43:64 Албатта Аллоҳнинг Ўзи Парвардигорим ва Парвардигорингиздир, бас, (ёлғиз) Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир».
43:65 Сўнг (Насронийларнинг ичидан чиққан) фирқалар (Ийсо хусусида, айримлари уни «худо», деб, айримлари «Худонинг ўғли, деб) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, у золим кимсаларга аламли Кун (Қиёмат)нинг азоби — ҳалокат бўлгай!
43:66 Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида (Қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутадилар, холос.
43:67 У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар).
43:68 (У Кунда уларга айтилур): «Эй бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар.
43:69 Улар Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган зотлардир.
43:70 Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!»
43:71 Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар.
43:72 Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир.
43:73 Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.[7]