>

Алоуддин Мансур — 493

43:48 Биз уларга (тўфон, чигиртка балолари каби азоб оятларидан) бирон оят кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ оят бўлур эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан ушладик.

43:49 Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач, Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган (дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) ваъдаси ҳаққи-ҳурмати Парвардигорингга бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса) албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни, ўша Аллоҳга иймон келтиргувчидирмиз)», дедилар.

43:50 Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак, баногоҳ улар (ўз аҳдларини) буза бошладилар.

43:51 Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!

43:52 Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни, Мусодан) яхшироқдирман?!

43:53 Бас, унга (Мусога осмондан худди подшоҳларнинг бўйнига гулчамбар ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар эди. Ундоқ бўлмагач, нега унга иймон келтирасизлар)?!»

43:54 Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм эдилар.

43:55 Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик — уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.

43:56 Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик.

43:57 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), качонки (Ийсо) бинни Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар.

43:58 Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Ийсоми?!) дедилар. Улар (бу мисолни) сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар![4]

43:59 У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик.

43:60 Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга Ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик.[5]