Алоуддин Мансур — 492
43:34 Яна уларнинг уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида суяниб-ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам (кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик).
43:35 Яна (барча) зеб-зийнат, нақш-нигорларни ҳам (ўша кофирлар учун қилиб қўйган бўлур эдик. Зеро, буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зотлар учундир.[3]
43:36 Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни, Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса — юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур.
43:37 Шак-шубҳасиз, (шайтонлар кофирларни Тўғри) йўлдан тўсурлар, (аммо кофирлар) ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.
43:38 То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри Йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса. Бас, (сен) нақадар ёмон ҳамроҳдирсан», дер.
43:39 (Эй кофирлар ва уларни Тўғри Йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу Кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни, азобни қаттиқлигидан ҳар бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб, азобларини енгиллата олмассизлар)!
43:40 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз карларга эшиттира олурмисиз, ё кўрлар ва очиқ залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?
43:41 Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) сизни кетказсак (яъни, вафот қилдирсак ҳам) албатта биз улардан (Охиратда) интиқом олгувчидирмиз.
43:42 Ёки, албатта Биз уларга ваъда қилган нарсани (яъни, бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёк) сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга (азоб беришга) қодирдирмиз.
43:43 Бас, сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта, сиз Тўғри Йўлдадирсиз.
43:44 Албатта у (Қуръон) сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати илоҳийя хусусида) сўралурсизлар.
43:45 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни, Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!
43:46 Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юбордик. Бас, у: «Албатта мен барча оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман», деди.
43:47 Энди қачонки у Бизнинг оят-мўъжизаларимизни уларга келтиргач, баногоҳ улар у (мўъжизалар устидан) кула бошладилар.