Алоуддин Мансур — 490
43:11 Ўша Зот осмондан (аниқ) ўлчов билан сув-ёмғир ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан «ўлик» шаҳар-қишлоқларни) тирилтирдик (яъни, қуруқ ердан турли-туман гиёҳларни чиқардик). Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар.
43:12 Ўша Зот барча жуфтларни (яъни, бор махлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан — сизлар минадиган нарсалар (пайдо) қилди.
43:13 Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган зот (яъни, Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик.
43:14 Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) «Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз», дегайсизлар.[1]
43:15 Улар (мушриклар, Аллоҳ) учун Ўз бандаларидан (айримларини, яъни фаришталарни) жузъ-бўлак қилдилар! (Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У зотнинг қизлари, яъни Унинг бир жузъи, дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир). Дарҳақиқат, инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир!
43:16 Балки, (Аллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?!
43:17 Қачон уларнинг биронтасига, ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни, қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар.
43:18 «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!»
43:19 (Ҳолбуки), ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар», дедилар! Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа тутилурлар!
43:20 Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни, фаришталарга «улар Аллоҳнинг қизлари», деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим-асос йўқдир. Улар фақат ёлғон сўзламоқдалар!
43:21 Ёки Биз уларга (Қуръондан) илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани ушлагувчимилар?! (Йўқ, асло ундоқ бўлган эмас)!
43:22 Балки улар (шундай) дедилар: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз».