Алоуддин Мансур — 489
42:52 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят Қилурмиз. Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри Йўлга етаклайсиз.[6]
42:53 У (йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зот — Аллоҳнинг йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтур!
43:1 Ҳо, Мим.
43:2 Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки,
43:3 албатта Биз уни сизлар ақл юргизишингиз (маъно-мазмунини фаҳмлашингиз) учун арабий Қуръон қилдик.
43:4 Дарҳақиқат, у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир).
43:5 Бас, (куфру исёнда) ҳаддан ошувчи қавм бўлганларингиз учун Биз сизлардан бу Эслатмани буриб (сизларни ўз ҳолларингизга ташлаб) қўюрмизми?!
43:6 Биз аввалгиларга ҳам қанча пайғамбар юборганмиз.
43:7 Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.
43:8 Бас, Биз улардан (Макка кофирларидан) кучли-қувватлироқларни ҳам ҳалок қилганмиз. (Ушбу Қуръонда) аввалгиларни масал-қиссалари ўтди-ку!
43:9 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар).
43:10 Ўша Зот сизлар учун Ерни бешик-қароргоҳ қилиб қўйди ва (сафарларингизда кўзлаган манзилларингизга) йўл топишларингиз учун унда (ерда турли) йўлларни (пайдо) қилди.