>

Алоуддин Мансур — 488

42:45 Уларнинг хорликдан эгилган ва (дўзахга) кўз қирлари билан қараган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрурсиз. Иймон келтирган зотлар: «Албатта зиён кўргувчилар (гарчи дунё неъматларидан фойдаланиб ўтган бўлсалар-да) ва Қиёмат Кунида ўзларига, аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар.

42:46 Улар учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай «дўстлар» бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон (Тўғри) йўл йўқдир.

42:47 (Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан ҳеч қайтариб бўлмайдиган бир Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У кунда сизлар учун бирон қочадиган жой ҳам бўлмас ва сизлар учун (қилиб ўтган гуноҳларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас.

42:48 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар (мушриклар) энди ҳам (ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангизда фақат (Биз сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат-неъматни тотдирган вақтимизда, у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчидир — кўрнамакдир!

42:49 Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур, У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур.

42:50 Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини — туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.

42:51 Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат Эгасидир.[5]