Алоуддин Мансур — 485
42:16 Аллоҳ (дини) ҳақида уни қабул қилинганидан сўнг (одамларни йўлдан оздириш учун) талашиб-тортишадиган кимсаларнинг ҳужжатлари (яъни, талашиб-тортишишлари) Парвардигор наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.
42:17 Аллоҳ ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилган Зотдир. Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Аллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир).
42:18 (Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эқанлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, (Қиёмат) соати хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ йўлдан) йироқ залолатдадирлар.
42:19 Аллоҳ бандаларига меҳрибондир, У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У кучли, қудратлидир.
42:20 Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас![2]
42:21 Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз, аламли азоб бордир.
42:22 (Қиёмат Кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни, куфру исёнларига бериладиган жазолардан) қўрқиб турган ҳолларида кўрурсиз. У (жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларга тушгувчидир! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг боғларида бўлишиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир! Мана шу катта фазлу марҳаматнинг ўзидир!