>

Алоуддин Мансур — 484

42:11 (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ўша (жуфтлик воситасида) кўпайтирур. Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир.

42:12 Осмонлар ва Ер (хазиналарининг) очқичлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат, у барча нарсани билгувчидир.

42:13 (Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани — шариат (қонун) қилди, «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди — оғирлик қилди. Аллоҳ у (динга) ҳидоят топиш учун Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва Унга (ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур.[1]

42:14 Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли фирқаларга бўлинмаслик зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар). Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача кечиктириш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.

42:15 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мана шунинг учун (яъни, аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун — сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир.