Алоуддин Мансур — 481
41:39 Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас, қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган Зот ўликларни ҳам тирилтира олгувчидир. Зеро, У барча ишга қодирдир.
41:40 Албатта Бизнинг оятларимизга эгрилик қиладиган (яъни, уларни бузмоқчи бўлган) кимсалар Бизга махфий-номаълум бўлиб қолмаслар. Ахир дўзахга ташланадиган кимса яхшироқми, ёки Қиёмат Кунига (Аллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган кишими?! Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверинглар! Албатта У қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир.
41:41 Албатта ўзларига Эслатма — Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз, у азиз — қудратли Китобдир.
41:42 Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни, Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб, уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду-сано эгаси томонидан нозил қилингандир.
41:43 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга ҳам (кофирлар томонидан) фақат сиздан аввалги пайғамбарларга (кофирлар томонидан) айтилган сўзларгина айтилур (яъни, агар мушриклар сизга озор-азиятлар етказаётган бўлсалар, сиз бунга сабр қилинг, чунки аввалги пайғамбарларга ҳам кофирлар томонидан худди шунга ўхшаган озор-азиятлар етгандир). Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз ҳам мағфират Соҳибидир, ҳам аламли азоб Соҳибидир.
41:44 Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни, араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: «Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинмабди-да. (Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)», деган бўлур эдилар. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар кабидирлар, яъни гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар).[4]
41:45 Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб — Таврот ато этганимизда, у (Таврот) ҳақида ҳам (худди Қуръон ҳақида ихтилоф қилинганидек) ихтилоф қилингандир. Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб Қиёмат Куни бўлиши хусусидаги) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, уларга иймонсизликлари учун дарҳол жазо берилган бўлур эди). Ҳақиқатан ҳам улар (Қуръон) ҳақида шубҳа-гумондадирлар.
41:46 Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса, ўз зиёнига қилур. Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир.