Алоуддин Мансур — 480
41:30 Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!
41:31 Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир.
41:32 (Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир».
41:33 (Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «шак-шубҳасиз, мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?
41:34 Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур.
41:35 Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур.
41:36 Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса), у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитгувчи, билгувчи Зотдир.[2]
41:37 Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга — Аллоҳга сажда қилинглар![3]
41:38 Энди агар (кофирлар Аллоҳга сажда қилишдан) кибр-ҳаво қилсалар, бас, (билингки), Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) кеча-ю кундузи ҳеч зерикмасдан-малолланмасдан У зотга тасбеҳ айтурлар — сажда қилурлар.