Алоуддин Мансур — 477
41:1 Ҳо, Мим.
41:2 (Ушбу Қуръон) меҳрибон ва раҳмли (Аллоҳ) томонидан нозил қилингандир.
41:3 У биладиган қавм учун арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир.
41:4 (Мўминларга) хушхабар бергувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантиргувчи (Китобдир). Бас, (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак, улар «эшитмаслар»,
41:5 Улар дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам ўз амалингни қилавер, бизлар ҳам албатта ўз амалларимизни қилгувчидирмиз».
41:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам худди сизлар каби бир одамдирман. Менга илоҳингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий қилинмоқда. Бас, сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!
41:7 Улар закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари Охиратга кофир бўлган кимсалардир».
41:8 Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир.
41:9 Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Бу (Аллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?!
41:10 У зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини (яъни, Ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб — тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир.
41:11 Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундир)», дедилар.