>

Алоуддин Мансур — 476

40:78 Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир. Бирон пайғамбар учун — Аллоҳнинг изну-иродасидан ташқари бирон оят-мўъжиза келтириш жоиз бўлган эмас (яъни, ҳар бир пайғамбар фақат Аллоҳ унга амр қилган мўъжизаларнигина келтиргандир). Бас, қачон Аллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар.

40:79 Аллоҳ сизлар учун чорва ҳайвонларини (токи) сизлар ўша (ҳайвон)лардан (айримларини) минишларингиз учун (пайдо) қилди. Ўша (ҳайвон)лардан ейсизлар ҳам.

40:80 Сизлар учун уларда (кўп) фойдалар бордир. (У ҳайвонлар) сизлар уларнинг устида дилларингиздаги ҳожатларингизга етишлариигиз учун ҳам (яратилгандирлар). Сизларни (қуруқликда) ўша (ҳайвонлар) устида ва дарё-денгизларда эса (кемаларда) (кўзлаган манзилларингизга) элтиб қўйилур.

40:81 (Аллоҳ) сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатур. Бас, сизлар Аллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?!

40:82 Ахир улар Ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан) кўра кўпроқ ҳамда қуч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган (молу-дунёлари ҳам, куч-қувватлари ҳам) асқотгани йўқ.

40:83 Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш ва У зотга бўйинсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Ва уларни ўзлари масхара қилгувчи бўлган (азоб) ўраб олди.

40:84 Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, «Якка-ю ягона Аллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар.

40:85 (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади — (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган йўли — қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас). Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар.