Алоуддин Мансур — 474
40:59 Албатта (Қиёмат) соати келгувчидир. У ҳақида шак-шубҳа йўқдир. Лекин кўп одамлар (унинг келишига) иймон келтирмаслар.
40:60 Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар.
40:61 Аллоҳ сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ кундузни яратиб қўйган Зотдир. Албатта Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат Соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
40:62 Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир, У барча нарсанинг яратгувчисидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
40:63 Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор қилгувчи бўлган кимсалар мана шундай бурилиб кетурлар.
40:64 Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотли — буюкдир.
40:65 У тирик Зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (эй мўминлар), сизлар (Аллоҳга) У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳ учундир.
40:66 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Шак-шубҳасиз, мен ўзимга Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатлар келган пайтида, сизлар Аллоҳни қўйиб, дуо-илтижо қилаётган бутларга ибодат қилишдан қайтарилдим ва барча оламларнинг Парвардигорига бўйинсунишга буюрилдим».