Алоуддин Мансур — 470
40:26 Фиръавн деди: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикан. Дарҳақиқат, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишдан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман».
40:27 Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан ҳисоб-китоб кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ беришини сўраганман.
40:28 (Шунда) Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: «Бир кишини, «Менинг Парвардигорим Аллоҳдир», дегани учун ўлдирурмисизлар?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиз томонидан аниқ ҳужжатлар келтиргандир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта Аллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас.
40:29 Эй қавмим, бугун-ку мулку давлат сизларники, мана шу ерда ғолибсизлар. Энди агар бизларга Аллоҳнинг азоби келар бўлса, ким бизларга (ундан нажот топишимиз учун) ёрдам берур?!» Фиръавн айтди: «Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани (яъни, Мусони ўлдиришнинг маслаҳатинигина кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларман».
40:30 Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизларнинг устингизга ҳам худди ўша фирқаларнинг куни тушиб қолишидан қўрқурман.
40:31 Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ва улардан кейинги (куфр йўлини тутган) кимсаларнинг иши каби. Ҳолбуки, Аллоҳ ўз бандаларига зулм қилишни истамас (яъни, Аллоҳ ўша фирқаларни ҳалок қилиш билан уларга зулм қилгани йўқ, балки улар ўзларининг куфру туғёнлари сабабли ҳалокатга мустаҳиқ бўлдилар).
40:32 Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни, Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқурман.
40:33 У Кунда сизлар (жаҳаннам даҳшатларидан) юз ўгириб қочурсизлар, (аммо) сизлар учун Аллоҳ(нинг азобидан) сақлагувчи — тўсгувчи бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.