>

Алоуддин Мансур — 469

40:17 Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.

40:18 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни яқин Кундан (яъни, Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас.

40:19 (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.

40:20 Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилур. Улар (Аллоҳни), қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсага ҳукм чиқара олмаслар. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина эшитгувчи ва кўриб тургувчи Зотдир.

40:21 Ахир улар Ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган, (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилиб, иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан) кўра куч-қувват ва ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. Бас, Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади — ҳалок қилди ва улар учун Аллоҳдан ўзга бирон сақловчи бўлмади.

40:22 Бунга сабаб — уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар келтирганларида, улар кофир бўлдилар. Бас, Аллоҳ уларни ушлади — ҳалок қилди. Зеро, У қувват Эгаси ва азоби қаттиқдир.

40:23 Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан юбордик,

40:24 Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга. (Ўшанда) улар «(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир», дедилар.

40:25 Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақ (пайғамбарлик) билан келганида, улар «У билан бирга мўмин бўлганларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!», дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдир (яъни, зое бўлгувчидир).[2]