Алоуддин Мансур — 467
39:75 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз (ўша Кунда) фаришталар Арш атрофини ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни) поклаб-тасбеҳ айтаётганларини кўрурсиз. (Зеро) уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталаридан ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир», дейилди.
40:1 Ҳо, Мим.
40:2 (Ушбу Қуръон) қудратли ва билгувчи Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.
40:3 (У зот) гуноҳни мағфират қилгувчи, тавба-тазарруъни қабул қилгувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон Эгасидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур.
40:4 Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб-тортишурлар. Бас, сизни уларнинг шаҳарларида кезишлари алдаб қўймасин![1]
40:5 Улардан (яъни, Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва у (қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар. (Ўша миллатлардан) ҳар бир миллат ўзларининг пайғамбарларини тутишга-ўлдиришга қасд қилган ва ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлган эдилар. Шунда Мен уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг азобим қандай бўлди?!
40:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сизнинг қавмингиз орасидаги) кофир бўлган кимсаларнинг устига ҳам Парвардигорингизнинг Сўзи — азоби мана шундай ҳақ бўлгандир, албатта улар дўзах эгаларидир.
40:7 Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас, тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин.