Алоуддин Мансур — 466
39:68 Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.
39:69 Ер (яъни, маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб — номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.
39:70 Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур;
39:71 Ва кофир булган кимса тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар — Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар: «Ҳа, (келганлар), лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар.
39:72 (Шунда уларга) айтилди: «Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!» Бас, кибр-ҳаво қилгувчи кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!
39:73 Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдаладилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар).
39:74 Ва «Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда ўрин олишимизга (муваффақ қилган) Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!