>

Алоуддин Мансур — 465

39:57 Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлур эдим», деб қолмаслиги учун;

39:58 Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани энди мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (Қуръонга эргашинглар!)

39:59 (Акс ҳолда унга Аллоҳ томонидан айтилур): «Йўқ, (Мен сенга ҳидоят йўлини кўрсатган эдим), аниқки, сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон деган эдинг ва кибр-ҳаво қилиб, кофирлардан бўлган эдинг».

39:60 Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!

39:61 Аллоҳ, тақво қилган зотларни (жаннатга) эришганлари сабабли (жаҳаннам азобидан) қутқарур ва уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар.

39:62 Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир.

39:63 Осмонлар ва Ернинг очқичлари Унинг (қўл остидадир). Аллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар — ана ўшаларгина зиён кўргувчилардир.

39:64 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар, эй нодонлар!».

39:65 Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!

39:66 Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!»

39:67 Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзаси — чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир. У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир.[5]