Алоуддин Мансур — 463
39:41 Албатта, Биз сизга бу Китобни барча одамлар (билиб, амал қилишлари) учун ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас, ким ҳидоят йўлига юрса, ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (бу ҳидоят йўлидан) озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Сиз уларнинг устида вакил — қўриқчи эмассиз.
39:42 Жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
39:43 (Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар), балки улар Аллоҳдан ўзга «оқловчилар»ни (яъни, ўзларининг гумонларича уларни Аллоҳ ҳузурида шафоат қиладиган «оқловчилар»ни — бутларни) ушладилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «(Ўша жонсиз бутлар сизларни оқлайдими?!) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳам-а!».
39:44 Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги ҳам Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар».
39:45 Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар.
39:46 Айтинг: «Эй Аллоҳ, (эй) осмонлар ва Ерни илк яратгувчи Зот, (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларни) билгувчи Зот, ёлғиз Ўзинггина бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан».
39:47 Агар золим-кофир кимсалар учун Ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар Қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар — азоблар кўринди.