Алоуддин Мансур — 462
39:32 Ахир Аллоҳ шаънига (Унинг шериги ва бола-чақаси бор», деб ёлғон сўзлаган ва Рост — Қуръонни ўзига келиб-етган пайтидаёқ (ўйламай-нетмай) ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ бирон кимса борми?! Ё жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!
39:33 Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) — ана ўшалар тақводор зотлардир.
39:34 Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир.
39:35 Зеро, Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар.
39:36 Аллоҳ Ўз бандасига (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сизни (Аллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.[4]
39:37 Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, унинг учун бирон йўлдан оздиргувчи бўлмас. Аллоҳ қудратли ва (Ўз душманларидан) интиқом олгувчи эмасми?!
39:38 Қасамки, агар сиз улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Аллоҳ», дерлар. Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз — агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи — суянгувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар».
39:39 Айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас, яқинда билажаксизлар!
39:40 Кимга расво қиладиган азоб келишини ва мангу азоб тушишини билажаксизлар!»