>

Алоуддин Мансур — 461

39:22 Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, бас, ўзи Парвардигори томонидан бир нур — ҳидоят устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни, Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар очиқ залолатдадирлар!

39:23 Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб — Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари — баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар — мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

39:24 Ахир Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўлурми)?! (У кунда) золим-кофирларга «Ўзларингиз касб қилиб ўтган нарсани (яъни, динсизлик мевасини) тотиб кўринглар!», дейилди.[3]

39:25 Улардан аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганларида, уларга азоб ўзлари сезмайдиган томондан келган эди.

39:26 Бас, Аллоҳ уларга мана шу ҳаёти дунёда расволикни тортдирди. Шак-шубҳасиз, Охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Аллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз Пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар).

39:27 Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Шояд эслатма-ибрат олсалар.

39:28 (Биз уни) бирон эгрилик эгаси бўлмаган арабий Қуръон ҳолида (нозил қилдик). Шояд (Аллоҳдан) қўрқсалар.

39:29 Аллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши — қул борки, унинг устида талашгувчи шериклар (яъни, хожалар) бор. Яна бир киши — қул борки, у бус-бутун ҳолида бир киши — хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! (Йўқ, баробар бўлмас. Худди шунингдек, бир неча «худо»ларга сиғинадиган мушрик билан ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қиладиган мўмин ҳам баробар бўлмас). Ҳамду сано (ёлғиз) Аллоҳ учундир. Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар, (бас, ана шу сабабдан турли «худо»ларга сиғинурлар).

39:30 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар.

39:31 Сўнгра албатта, сизлар Қиёмат Кунида Парвардигорларингиз ҳузурида (бир-бирларингиз билан) талашиб-тортишурсизлар (ва сиз ўз зиммангиздаги пайғамбарликни тўла-тўкис етказганингизга ҳужжат келтирурсиз, улар эса сизни ёлғончи қилиб, куфру залолатда ўтганларига турли баҳоналарни рўкач қилурлар, аммо Аллоҳнинг адолатли ҳукмидан қочиб қутула олмаслар)!