Алоуддин Мансур — 460
39:11 Айтинг: «Дарҳақиқат, мен Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман.
39:12 Ва мен мусулмонларнинг — бўйинсунгувчиларнинг аввали — пешқадами бўлишга буюрилганман».
39:13 Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга осий бўлсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқурман».
39:14 Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман».
39:15 Энди сизлар эса (эй мушриклар), У зотни қўйиб, ўзларингиз хоҳлаган бутларингизга ибодат қилаверинглар, (яқинда бу ширкларингизнинг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб олурсизлар!»). («Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, агар ота-боболарингнинг динидан чиқсанг, зиёнкор бўлурсан», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Албатта зиёнкорлар Қиёмат Куни ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчи (яъни, ўзи ҳам мушрик бўлиб, аҳли-оиласини ҳам Тўғри Йўлдан оздиргани сабабли Қиёмат Кунида ўзи ва аҳли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир».
39:16 Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!
39:17 Шайтондан — унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳга (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Менинг бандаларимга хушхабар беринг!
39:18 Улар сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга (хушхабар беринг). Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир.
39:19 Ахир бир кимсага азоб сўзи (яъни, азобга дучор бўлиш) ҳақ бўлса (сиз уни ҳидоят қилишга қодир бўлурмисиз)?! Ахир сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмисиз?!
39:20 Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир! Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
39:21 Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қурир, бас, сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Аллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир.