Алоуддин Мансур — 46
2:270 Инфоқ қилган ҳар бир нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз, Аллоҳ билади. Ва (инфоқ-эҳсон қилмайдиган) золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.
2:271 Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Ва агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз — бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
2:272 Уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом). Балки Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади.[54]
2:273 (Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни, ўзларини ушлаган), бирор Ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли, билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг фақирликларини сиймоларидан билиб оласиз. Улар тиланиб туриб олмайдилар, қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта Аллоҳ уни билгувчидир.
2:274 Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.