Алоуддин Мансур — 458
38:84 (Аллоҳ) деди: «Ҳаққа (қасам). Фақат ҳақни айтурманки,
38:85 албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!»
38:86 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Мен (Қуръонни етказганим учун) сизлардан бирон ажр-ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан (яъни, ёлғондан пайғамбарликни даъво қилгувчи кимсалардан) ҳам эмасман.
38:87 (Ушбу Қуръон) фақат барча оламлар учун (Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган) бир эслатмадир, холос.
38:88 Албатта сизлар унинг (илоҳий ваҳий эканлиги ҳақидаги) хабарни (озгина) вақтдан сўнг (Қиёмат Куни) билиб олурсизлар».
39:1 (Ушбу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.
39:2 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас, сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг!
39:3 (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни, ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ Зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (Қиёмат Кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас.
39:4 Агар Аллоҳ бола-чақа тутишни истаса, сўзсиз Ўзи яратган нарсаларидан хоҳлаганини танлаб олган бўлур эди. У зот (бундай айбдан) покдир. У яккаю ягона ва ғолиб Аллоҳдир.
39:5 У осмонлар ва Ерни ҳақ (қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У қудратли ва бениҳоя мағфиратли Зотдир.