>

Алоуддин Мансур — 456

38:43 Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик.[4]

38:44 (Яна Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургин — қасамингни бузмагин». Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир.[5]

38:45 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг!

38:46 Дарҳақиқат, Биз уларни бир тоза (хислат — мудом Охират) диёрини эслаш (хислати) билан холис қилдик — покладик.

38:47 Ҳақиқатан, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир.

38:48 Яна Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар) ва Зул-Кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир.

38:49 Бу (Биз сизга сўйлаган қиссалар) бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат

38:50 — Улар учун барча дарвозалари ланг очиқ мангу жаннатлар бордир.

38:51 Улар у жойлардаги (сўриларда) ястаниб ўтириб, мўл-кўл (яъни, хоҳлаганларича) мева-чева ва шароб чақирурлар.

38:52 Ва уларнинг олдиларида кўзларини (номаҳрамга боқишдан) сақлаган (ёш ва ҳуснда) тенгдош (қиз)лар бўлур.

38:53 У (зикр қилинган нарсалар) сизларга ҳисоб-китоб (яъни, Қиёмат) куни учун ваъда қилинадиган нарсалардир.

38:54 Шак-шубҳасиз, бу Бизнинг (жаннат аҳлига ато этадиган) ризқу рўзимиздирки, унинг учун тугаб қолиш бўлмас.

38:55 (Ҳақиқат) шудир. (Энди) ҳеч шак-шубҳасиз, ҳаддан ошгувчи-туғёнга тушгувчи кимсалар учун энг ёмон оқибат

38:56 — Улар кирадиган жаҳаннам бордир. Бас, нақадар ёмон жой у.

38:57 Мана бу қайноқ ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар!

38:58 Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!

38:59 (Дўзахга кирган пайтларида кофирларнинг пешволарига ҳаёти дунёда уларга эргашган кимсаларни кўрсатилиб): «Мана бу (одамлар) сизлар билан бирга (яъни, сизлар сабабли жаҳаннамга) ташлангувчи жамоатдир», (дейилганида, пешволар айтдилар): «Хуш келмадилар! Ҳақиқатан, уларнинг ўзлари дўзахга киргувчи кимсалардир».

38:60 Улар (яъни, эргашувчилар пешволарга) дедилар: «Йўқ, сизлар хуш келмадингиз! (Чунки) сизлар ўша (азобни) бизларга келтирдингиз! Бас, нақадар ёмон жой (бу дўзах)!»

38:61 Улар (яна) дедилар: «Парвардигоро, ким бизларга мана шу (азоб)ни келтирган бўлса, бас, Ўзинг унга дўзахда азобни бир неча баробар зиёда қилгин».