Алоуддин Мансур — 455
38:27 Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай!
38:28 Балки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни Ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмиз?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмиз?! (Йўқ, асло ундоқ бўлмас!)[3]
38:29 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир.
38:30 Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир.
38:31 Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди.
38:32 Бас, у (ўша отларга маҳлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач,) деди: «Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан (яъни, ўқийдиган намозимдан қолиб) бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни, ботиб кетибди)!
38:33 У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас, у (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини «силаш»га киришди (ва уларни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиб юборди).
38:34 Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир жонсиз жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб;
38:35 Деди: «Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку-давлат ҳадя этгин. Зеро, ёлғиз Сенинг Ўзинггина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан».
38:36 Бас, Биз унга унинг амри билан у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйинсундирдик.
38:37 Яна барча (баланд қасрларни) бино қилгувчи ва (денгизларнинг қаъридан дурру гавҳарларни топиб чиқувчи) ғаввос шайтонларни (яъни, жинларни) ҳам Сулаймонга бўйинсундириб қўйдик).
38:38 Бошқа (бўйинсунмайдиган жин)ларни эса кишанлар билан боғланган ҳолда солдик.
38:39 (Ва Сулаймонга дедик): «Мана шу Бизнинг (сенга) ато этган нарсамиздир. Бас, сен (ушбу неъматлардан ўзинг хоҳлаган кишиларга) эҳсон қил, ёки қилма (сени бу тўғрида) ҳисоб-китоб қилинмас».
38:40 Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир.
38:41 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг!
38:42 (Шунда унга айтилди): «Оёғинг билан (остингдаги ерни) тепгин!» (У Аллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чиқди. Сўнг унга айтилди): Мана шу муздек чўмиладиган ва ичимлик сувдир». (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач, унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди).