>

Алоуддин Мансур — 454

38:17 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир.

38:18 Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (яъни, мудом) у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйинсундириб қўйдик.

38:19 Ва (ҳар тарафдан) тўплангувчи бўлган қушларни ҳам (Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйнсундириб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари Довудга итоат этишга бутунлай қайтгувчидир.

38:20 Яна Биз унинг мулку-давлатини кучли-қувватли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб (яъни, забони гўё) ато этдик.

38:21 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга (бир-бирлари билан) даъволашгувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар (Довуд пайғамбар ибодат қилаётган) меҳробга чиқишган

38:22 Ва Довуднинг олдига киришган эди, у улардан қўрқиб кетди. Улар дедилар: «Қўрқмагин. (Бизлар) биримиз биримизга зулм қилган икки даъволашгувчи (жамоат)дирмиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилгин ва (бизлардан бирон тарафга) жабр қилмагин ҳамда бизларни текис-тўғри йўлга бошлагин».

38:23 (Даъвогарларнинг бири деди): «Дарвоқеъ, мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргана совлиғим бордир. Бас, у (шу биргина совлиққа ҳам кўз олайтириб): «Ўшани менга топширгин», деди ва мени бу сўзда — жанжалда енгиб қўйди».

38:24 (Довуд иккинчи даъвогарнинг сўзини тингламасданоқ) деди: «Дарҳақиқат, у сенинг совлиғингни сўраб (ва) ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди. Дарвоқеъ, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қилурлар. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздирлар». Довуд (бу ҳодиса воситасида) Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан (шошиб ҳукм чиқаргани учун) мағфират қилишини сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди.[2]

38:25 Бас, Биз унинг ўша (хатоси)ни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир.

38:26 Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени Ерда халифа қилдик. Бас, сен (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни, Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.