Алоуддин Мансур — 453
38:1 Сод. Шаъну-шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон илоҳий мўъжизадир ва албатта сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Аллоҳнинг ҳақ пайғамбаридирсиз).
38:2 Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва пайғамбарга) мухолифликда собитдирлар.
38:3 Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда, улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар, (аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди.
38:4 (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, башар авлодидан бўлган бир огоҳлантиргувчи — пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир.
38:5 (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!»[1]
38:6 Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни, устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир.
38:7 Бизлар бу ҳақда (яъни, Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос.
38:8 Бизларнинг орамизда (шунча бой-зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад)га эслатма-Қуръон нозил қилинган эмишми?!» (Уларнинг бу сўзларни айтишларига сабаб ўта билимдонликлари эмас), балки улар Менинг эслатмам — Қуръондан шак-шубҳададирлар, балки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ (бас, шунинг учун Қуръон ва пайғамбар шаънига мана шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар).
38:9 Ёки қудратли ва саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?!
38:10 Ёки осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг подшоҳлиги уларникимикин-а?! У ҳолда (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларига чиқаверсинлар (ва ўша жойдан ўзлари истаган одамларига ваҳий нозил қилаверсинлар).
38:11 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Макка мушриклари ўша ернинг ўзида енгилиб-битгувчи фирқалардан бир тўдадир, холос, (бас, сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!)
38:12 Улардан илгари ҳам Нуҳ қавми (Нуҳни), Од (қабиласи Ҳудни) ва қозиқлар (яъни, ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавн (ва унинг одамлари Мусони ёлғончи қилгандирлар.
38:13 Шунингдек, Самуд (қабиласи Солиҳни), Лут қавми (Лутни) ва дарахтзор эгалари (Шуъайбни ёлғончи қилгандирлар). Ана ўшалар (ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларга қарши чиққан) фирқалардир.
38:14 Барчаларига фақат пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли Менинг азобим ҳақ бўлгандир. (Бас, Макка мушрикларига ҳам Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни ёлғончи қилганлари учун шак-шубҳасиз, азоб-уқубат бўлур).
38:15 Ана ўшалар(нинг барчалари) фақат ҳеч тўхтамасдан келадиган биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. (Бас, ўша қичқириқ бўлиши билан барча жонзот қайта тирилур ва куфр йўлини тутган кимсалар дўзах азобига дучор бўлурлар).
38:16 Улар (яъни, Макка мушриклари масхара қилишиб) «Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан иборат) насибамизни ҳисоб-китоб Кунидан илгариёқ (яъни, шу ҳаёти дунёдаёқ) тезроқ келтира қолгин», дедилар.