Алоуддин Мансур — 452
37:154 (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?!
37:155 Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?!
37:156 Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?!
37:157 Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!
37:158 (Мушриклар, Аллоҳ) билан жинлар (яъни, фаришталар) ўртасида насаб (яъни, ота-болалик бор, деб гумон) қилдилар. Ҳолбуки, жинлар-фаришталар эса, (мушрикларнинг Аллоҳ азобига) ҳозир қилингувчи эканликларини аниқ билдилар.
37:159 Аллоҳ уларнинг («Аллоҳнинг боласи бор», деб) сифатлашларидан покдир.
37:160 Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (мудом Аллоҳни У зотга нолойиқ бўлган сифатлардан пок тутарлар).
37:161 (Эй Макка аҳли), шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам
37:162 (барчалари бирон кишини, Аллоҳ)га қарши фитнага солгувчи — алдай олгувчи эмасдирсизлар.
37:163 Магар (Аллоҳнинг тақдири азалийсида) дўзахга киргувчи бўлган кимсаларнигина (алдай олурсизлар).
37:164 (Фаришталар дедилар): «Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир ўрин бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Аллоҳнинг амрини адо этурмиз).
37:165 Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳнинг йўлида) саф тортиб тургувчилардирмиз.
37:166 Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) — тасбеҳ айтгувчилардирмиз».
37:167 Дарвоқеъ (Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари) айтар эдиларки:
37:168 «Агар бизнинг олдимизда ҳам аввалгилар(нинг китоблари)дан бирон эслатма — Китоб бўлса эди,
37:169 Албатта бизлар ҳам Аллоҳнинг покиза бандалари бўлур эдик».
37:170 Энди (Қуръон нозил бўлгач), эса унга кофир бўлдилар. Бас, яқинда (бу куфрларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар.
37:171 Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида Сўзимиз ўтган — собит бўлгандир:
37:172 «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангувчилардир,
37:173 Ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар».
37:174 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан (яъни, Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!
37:175 Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!
37:176 Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоширмоқдамилар?!
37:177 Бас, қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни, устларига) тушганида, ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур.
37:178 Сиз улардан (маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!
37:179 Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!
37:180 Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир.
37:181 (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай!
37:182 Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!