>

Алоуддин Мансур — 450

37:103 Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики,

37:104 Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим,

37:105 Дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

37:106 Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос.

37:107 Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).

37:108 Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

37:109 Иброҳимга салом бўлгай.

37:110 Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

37:111 Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

37:112 Яна Биз унга пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқнинг хушхабарини бердик.

37:113 Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур.

37:114 Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга (пайғамбарлик) инъом қилдик.

37:115 Биз иккисига ва уларнинг қавмига улуғ ғамдан нажот бердик.

37:116 Ва уларни Ўзимиз қўлладик, бас, улар (Фиръавн ва унинг одамлари устидан) ғолиб бўлдилар.

37:117 Биз уларга равшан Китоб — Таврот ато этдик.

37:118 Ҳамда уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилдик.

37:119 Ва кейинги (авлод)лар орасида (Мусо ва Ҳорун) ҳақида (гўзал мақтовлар — олқишлар) қолдирдик.

37:120 Мусо ва Ҳорунга салом бўлгай.

37:121 Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

37:122 Дарҳақиқат, иккиси ҳам Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

37:123 Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.

37:124 Эсланг, у ўз қавмига деган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!»

37:125 Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, энг гўзал-афзал Яратгувчи Аллоҳни тарк қилурмисизлар?!

37:126 Сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини (тарк қилурмисизлар?!)»