Алоуддин Мансур — 45
2:265 Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва дилларида мустаҳкам ишонч билан сарф қиладиган зотларнинг мисоли худди адирликдаги шаррос қуйган ёмғир теккач, ҳосилини икки баробар қилган боққа ўхшайди. Энди агар унга шаррос қуйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилади. Аллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир.
2:266 Сизлардан биронтангиз тагларидан дарёлар оқиб тургувчи, хурмо-ю узумлари бор, ҳар турли меваларга тўла боғи бўлиб, кексайиб нимжон болалари билан қолган пайтида ўша боғини ўтли бўрон уриб, ёниб битишини истайдими? Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён қилади.[53]
2:267 Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун Ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган — паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотдир.
2:268 Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир.
2:269 У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар.