Алоуддин Мансур — 448
37:52 У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчиларданмисан?
37:53 Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?», дер эди.
37:54 (Сўзлагувчи ҳаёти дунёда Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қарагувчимисизлар?», деди.
37:55 Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач;
37:56 Деди: «Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг.
37:57 Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни, ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилингувчилардан бўлур эдим.
37:58 (Қани сен менга айтгинчи), бизлар (яъни, жаннат аҳли худди ҳаёти дунёда бизга ваъда қилинганидек), ўлгувчи эмас эканмизми?!
37:59 Фақат биринчи ўлимимиздан бошқа (ўлгувчи эмаслигимиз рост эканми?). Бизлар (ростдан ҳам) азоблангувчи эмас эканмизми?
37:60 Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) улуғ бахтнинг ўзидир.
37:61 Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!
37:62 Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими?
37:63 Ҳақиқатан, Биз уни (яъни, Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик.[1]
37:64 Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.
37:65 Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар.
37:66 Бас, улар (яъни, дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдиргувчидирлар.
37:67 Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни, уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур).
37:68 Сўнгра уларнинг қайтадиган жойлари яна албатта дўзахда бўлур (яъни, қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг, энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур).
37:69 Албатта улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар.
37:70 Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.
37:71 Аниқки, улардан аввал ўтганларнинг кўплари ҳам йўлдан озган эдилар.
37:72 Ҳолбуки, Биз уларнинг (яъни, аввал ўтганларнинг) орасига огоҳлантиргувчи (пайғамбар)ларни юборган эдик.
37:73 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), огоҳлантирилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг![2]
37:74 Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (ҳалокатга дучор бўлмадилар).
37:75 Қасамки, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга илтижо қилди. Бас, (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз;
37:76 Биз унга ва унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан (яъни, ғарқ бўлишдан) нажот бердик.