>

Алоуддин Мансур — 446

37:1 (Аллоҳ йўлида) саф тортиб турадиган,

37:2 (Аллоҳнинг бандаларини гуноҳ йўлларидан) мудом тўсадиган,

37:3 (Аллоҳнинг каломини) доимо тиловат қиладиган (инсонлар ва фаришталардан иборат барча) зотларга қасамки,

37:4 Шак-шубҳасиз, сизларнинг илоҳингиз ягонадир.

37:5 (У зот) осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир. (У зот) бор кунчиқар жойларнинг (ва бор кунботар жойларнинг) Парвардигоридир.

37:6 Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик.

37:7 Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан — жиндан сақладик.

37:8 У (жин)лар энг юксак мавжудотларни (яъни, фаришталарнинг сўзларини) ҳаргиз эшита олмаслар ва уларга ҳар томондан (юлдузлар) отилур.

37:9 (Уларни) ҳайдаш учун. Улар учун (Охиратда) доимий азоб бордир.

37:10 Магар бирон марта (бирон сўзни) илиб олган кимса (яъни, жин) бўлса, уни ҳам учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок этар).

37:11 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, улар(ни) яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними?! (Яъни, фаришталар ва Еру осмондаги барча мавжудотни яратиш одамзотни яратишдан оғирроқ эмасми?!) Зотан, Биз (инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳиссаломни) ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз.

37:12 Балки сиз (уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан) таажжубдадирсиз, (аммо) улар (сизнинг Охират ҳаёти ҳақидаги сўзларингизни) масхара қилурлар.

37:13 Уларга (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинса, панд-насиҳатни олмаслар.

37:14 (Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган) бирон оят-мўъжизани кўрсалар, (дарҳол иймон келтириш ўрнига) янада зиёдароқ масхара қилурлар.

37:15 Ва дерлар: «Бу фақат очиқ-равшан сеҳрдир.

37:16 Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилгувчи эканмизми?!

37:17 Аввал ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам-а?! »

37:18 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Ҳа! Сизлар хор-зор бўлган ҳолингизда (албатта қайта тирилурсизлар)».

37:19 У (яъни, қайта тирилиш) фақатгина фаришта Исрофилнинг сури билан чалинган бир қичқириқдир, холос, бас, баногоҳ улар (қайта тирилиб, «кунларини») кўрурлар.

37:20 Ва «Эй, ўлим бўлсин бизларга! Бу жазо-Қиёмат Куни-ку!», деб қолурлар.

37:21 Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир.

37:22 (Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар!

37:23 Аллоҳни қўйиб (ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар) ва дўзах йўлига бошланглар.

37:24 (Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар.