Алоуддин Мансур — 445
36:71 Ахир улар, Биз учун Ўз (қудрат) қўлимиз билан қилган нарсаларни — чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар.
36:72 Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир.
36:73 Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир шукр қилмасларми?!
36:74 (Йўқ, улар шукр қилмадилар, балки) Аллоҳни қўйиб ёрдам олиш умидида (ўзга) «худо»ларни тутдилар.
36:75 Улар ўша («худо»лари) учун ҳозирланган қўшинлари бўлган ҳолларида ҳам у («худо»лар) уларга ёрдам беришга қодир бўлмаслар.
36:76 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизни уларнинг сўзлари ғамгин қилмасин! Зотан, Биз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билурмиз.
36:77 Инсон Биз уни нутфадан — бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!
36:78 У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?», деб мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди.
36:79 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билгувчидир».
36:80 У сизлар учун ям-яшил дарахтдан олов пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар ўшандан ўт ёқурсизлар.
36:81 Осмонлар ва Ерни яратган Зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина яратгувчи ва билгувчидир.
36:82 Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур — вужудга келур.
36:83 Бас, барча нарсанинг эгалиги Ўз қўлида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) пок Зотдир. Ва (албатта) сизлар Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.