Алоуддин Мансур — 443
36:41 Биз уларнинг авлод-зурриётларини (Нуҳ пайғамбар билан бирга одамлар ва турли жониворларга) тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфон балосидан нажот берганимиз) улар учун (Бизнинг қудратимизни кўрсатадиган) яна бир оятдир.
36:42 Яна Биз улар учун худди Ўша (кемага) ўхшаш (бошқа) минадиган нарсаларини (яъни, катта-кичик кемаларни) ҳам яратдик.
36:43 Агар Биз хоҳласак уларни ғарқ қилурмиз-да, сўнг улар учун бирон ёрдамчи бўлмас ва улар (ҳалокатдан) қутқазилмаслар.
36:44 Магар Биз томондан бўлган марҳамат сабабли ва (маълум) бир вақтгача (яъни, ажаллари етгунча ҳаёт неъматларидан) баҳраманд бўлишлари учун (уларга бало-қазолардан нажот берилур).
36:45 Қачон (мушрикларга): «Сизлар Аллоҳнинг раҳматига эришишларингиз учун олдиларингиздаги (дунё фитналаридан) ва ортингиздаги (Охират азобидан) қўрқинглар», (яъни, иймонга келинглар) дейилса, (улар қулоқ солмаслар).
36:46 Уларга Парвардигорнинг оятларидан бирон оят келмас, магар улар (ўша оятлнрдан) юз ўгиргувчи бўлурлар.
36:47 Қачон уларга: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар», дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истеҳзо билан): «Агар Аллоҳ хоҳласа Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом берурмизми? Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар», дерлар.
36:48 Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?», дерлар.
36:49 Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. У уларни (ўлимдан мутлақо бехабар ҳолларида кўча-кўй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб турганларида олиб кетар (яъни, ҳалок этар).
36:50 Бас, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар.
36:51 (Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари ҳузурига (ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар.
36:52 Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса — Қиёматдир».
36:53 Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.
36:54 Мана бу Кунда ҳеч бир жонга бирон зулм қилинмас ва сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз сабабли жазоланурсиз.