Алоуддин Мансур — 440
35:45 Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (Ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни (жазолашни) белгилаган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддат келгач (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
36:1 Ё, Син.
36:2 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, ушбу) ҳикматли Қуръонга қасамки,
36:3 Ҳеч шак-шубҳасиз, сиз пайғамбарлардандирсиз.
36:4 Тўғри Йўл (яъни, ҳақ дин) устидаги (пайғамбарлардандирсиз).
36:5 (Бу Қуръон) қудратли ва меҳрибон Зот томонидан нозил қилингандир.
36:6 Ота-боболари (бирон пайғамбар орқали Охират азобидан) огоҳлантирилмасдан, ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун (нозил қилингандир).
36:7 Аниқки, уларнинг кўпларига Сўз (яъни, азоб ҳақидаги ҳукм) ҳақ бўлгандир. Бас, улар иймон келтирмаслар.
36:8 Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар Ҳаққа эгилмаслар).
36:9 Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ — парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар.
36:10 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми уларга баробардир — иймон келтирмаслар.
36:11 Сиз фақат эргашган ва ғойибда (яъни, кўрмай) туриб, Раҳмондан қўрққан кишиларнигина огоҳлантира олурсиз. Бас, ўша (кишиларга) мағфират ва улуғ ажр (жаннат) хушхабарини беринг!
36:12 Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг қилган амалларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз.