Алоуддин Мансур — 44
2:260 Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Иброҳим: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?», деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаман-ку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўз олдингга тўплагин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб-узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз, қудратли ва ҳикматлидир».
2:261 Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.
2:262 Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида улуғ ажр бордир. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
2:263 Яхши гап ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.
2:264 Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва Охират Кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, унинг (риёкорнинг) мисоли худди бир устини чанг-тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос қуйган ёмғир теккан-да қаттиқ-силлиқ тошлигича қолдирган. (Ундай риёкор) мунофиқлар яхши амаллар қилдик, деб ҳисоблайдилар, аммо Қиёмат Кунида топган ва сарфлаган дунёларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди.