Алоуддин Мансур — 437
35:19 Кўр кимса (кофир) билан кўргувчи зот (мўмин) баробар эмасдир;
35:20 Зулматлар (куфр) билан нур (иймон);
35:21 Соя (жаннат) билан жазирама (дўзах) баробар эмасдир.
35:22 Тириклар (мўминлар) билан — ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (ҳақ даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни, ўлик дилларига) эшиттира олгувчи эмасдирсиз.
35:23 Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз.
35:24 Албатта Биз сизни Ҳақ (дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи — пайғамбар ўтгандир.
35:25 Агар (мушриклар) сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), улардан аввалги кимсалар ҳам (ўзларига келган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандилар. Ҳолбуки, пайғамбарлари уларга аниқ-равшан мўъжизалар, (илоҳий) саҳифалар ва (Таврот, Инжил каби) нурли Китоб келтирган эдилар.
35:26 Сўнгра кофир бўлган кимсаларни (куфрлари сабабли) ушладим — жазоладим. Бас, Менинг инкорим — азобим қандоқ бўлди?!
35:27 Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлардан ҳам оқ, қизил — ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир.
35:28 Шунингдек одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир.[1]
35:29 Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар.
35:30 Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир).