Алоуддин Мансур — 436
35:12 Дарё-денгиз тенг бўлмас — буниси ширин-тотли ва ичилиши осон, буниси эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (яъни, балиқ тутиб) ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб олурсизлар. Ва сизлар (Аллоҳнинг) фазлу-марҳаматидан (яъни, ризқу рўзидан) исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсизлар. Шояд шукр қилсангизлар.
35:13 (Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам (сизларнинг манфаатингиз учун) бўйинсундириб қўйгандир — ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар.
35:14 Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, дунё-ю Охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор Зот (яъни, Аллоҳ) каби хабар бера олмас.
35:15 Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ Зотдир.
35:16 Агар У хоҳласа, сизларни (Ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни келтирур.
35:17 Ва бу (иш) Аллоҳга қийин эмасдир.
35:18 (Қиёмат Кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни, гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни, у кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларига кўринмайдиган) Парвардигордан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантира олурсиз. Ким покдоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Аллоҳгагина қайтилур.