Алоуддин Мансур — 434
34:49 Айтинг: «Ҳақ — Қуръон келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди. Энди) ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас.
34:50 Айтинг: «Агар мен (Ҳақ йўлидан) озсам, бас, фақат ўз зиёнимга озурман ва агар (Унинг йўлига) ҳидоят топсам, у ҳолда Парвардигорим менга ваҳий қилаётган (Қуръон) сабаблигина (ҳидоят топурман). Шак-шубҳасиз, У эшитгувчидир, яқиндир».
34:51 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар сиз (мушрик-кофирларни) даҳшатга тушиб, қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир макондан (дўзахга ташлаш учун) тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди!
34:52 (Ўша кунда) улар: «(Муҳаммадга) иймон келтирдик», дедилар. (Улар агар ҳаёти дунёда иймон келтирганларида қабул қилинган бўлур эди, аммо энди) йироқ бир макондан (Охират диёридан туриб иймон ва тавба-тазарруъга) қўллари қандоқ етсин?!
34:53 Ҳолбуки, улар илгари (ҳаёти дунёда) унга кофир бўлган эдилар! Ҳолбуки, улар йироқ бир макондан ғайбга (Охиратга тош) отар эдилар!
34:54 (Мана энди) худди улардан илгари (ўтган) ҳаммаслакларига қилингани каби, улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди. Зеро, улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида) шак-шубҳа остида эдилар.
35:1 Ҳамду-сано осмонлар ва Ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир.
35:2 Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас, У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
35:3 Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратгувчи борми?! Ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!