Алоуддин Мансур — 433
34:40 (Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни, мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?», дейилган кунда.
34:41 (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар.
34:42 Энди бу кунда бирингиз бирингизга на фойда ва на зиён етказишга қодир бўлмас ва Биз золим бўлган кимсаларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз», дермиз.
34:43 Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, улар: «Бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган бутлардан тўсмоқчи бўлган кимсадир», дерлар ва «Бу (яъни, Қуръон) фақат тўқилган бир бўҳтондир», дерлар. Кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат — Қуръон келган вақтида у ҳақда «Бу фақат очиқ сеҳрдир», дедилар.
34:44 Ҳолбуки, (илгари) Биз уларга ўқиб-ўрганадиган китоблар ато этган эмасмиз ва уларга сиздан аввал бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз.
34:45 Улардан илгари (ўтган) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар — Ҳолбуки, (Макка мушриклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. — Бас, ўшалар Менинг пайғамбарларимни ёлғончи қилишгач, Менинг инкорим қандай бўлган эди?!
34:46 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Мен сизларга фақат биргина нарсани — Аллоҳ учун жуфт-жуфт, ёлғиз-ёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ва у келтирган Китоб ҳақида) тафаккур қилишингизни тавсия қилурман. Соҳибингизда (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломда) ҳеч қандай жиннилик йўқдир. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантиргувчи (пайғамбардир), холос».
34:47 Айтинг: «Мен сизлардан сўраган бор ажру-мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни, мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага гувоҳдир».
34:48 Айтинг: «Албатта Парвардигорим Ҳақ — Қуръонни (ботил-жаҳолат устига) отур. У ғайбларни аниқ билгувчидир».