Алоуддин Мансур — 431
34:23 (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни, ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди (яъни, шафоатга ҳақиқатан изн бердими?)», деб (савол қилишиб), «Ҳақни (айтди, яъни ҳақиқатан шафоатга изн берди), У юксак ва буюк Зотдир», дейишиб (жавоб қилурлар).
34:24 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Ким сизларга осмонлар ва Ердан ризқу рўз берур?» Айтинг: «Аллоҳ (ризқ берур). Шак-шубҳасиз, ё бизлар ёки сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир».
34:25 Айтинг: «Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз».
34:26 Айтинг: «Парвардигоримиз (Қиёмат Кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат — адолат билан ҳукм қилур. Унинг Ўзигина (адолат билан) ҳукм қилгувчи ва (ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) билгувчидир».
34:27 Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар менга (ўзларингизча Аллоҳга) қўшиб олган бутларингизни (ҳақиқатан У зотга) шериклар эканини кўрсатингиз-чи?! Йўқ, (бу гумонларингиз хатодир). Балки (ёлғиз) Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
34:28 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга — (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар.
34:29 Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган Қиёмат) қачон бўлади?», дерлар.
34:30 Айтинг: «Сизлар учун шундай бир куннинг ваъдаси бордирки, сизлар ундан бирон соат кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмассизлар».
34:31 Кофир бўлган кимсалар: «Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (китобларга) ҳам ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар сиз ўша золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигор ҳузурида турғизуб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. (Ўшанда) бечора саналган (яъни, эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни, ўз пешволарига): «Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўминлар бўлур эдик», десалар,