>

Алоуддин Мансур — 430

34:15 Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлу марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга) «Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килгувчи Парвардигордир», (деган эдик).

34:16 Бас, улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик.

34:17 Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз.

34:18 Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни, бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик).

34:19 Улар эса (бу неъматларга ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга) сабр-қаноат қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир.

34:20 Дарҳақиқат, Иблис уларнинг устидаги («Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга эргашдилар), фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйинсунмадилар).

34:21 (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги — фақат Биз Охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Аллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотларга эса унинг васвасаси кор қилмас.) Парвардигорингиз барча нарсанинг устида кузатиб тургувчидир.

34:22 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва Ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир.