Алоуддин Мансур — 429
34:8 У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?», дедилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ёлғон тўқиб олгани ҳам, жинни бўлиб қолгани ҳам йўқ, балки) Охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг ўзлари азобда ва (Ҳақ йўлдан йироқ) залолатдадирлар.
34:9 Ахир улар олдиларидаги ва ортларидаги (яъни, чор-атрофларидаги) нарсаларга — осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хоҳласак, уларни Ерга юттириб юборурмиз ёки осмонни устларига парча-парча қилиб туширурмиз. Албатта бунда ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи банда учун оят-ибрат бордир.[1]
34:10 Аниқки, Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик ва дедик: «Эй тоғлар ва қушлар (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик.
34:11 (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидирман».
34:12 Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз.
34:13 Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. «(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир».
34:14 Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган (ёғоч) кемирувчи қуртгина дадолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар.[2]