>

Алоуддин Мансур — 428

34:1 (Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У шундай Зотки, осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Охиратдаги ҳамду сано ҳам ёлғиз Унинг учундир. У ҳикмат Эгаси ва (барча нарсадан) хабардордир.

34:2 У ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю-дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ут-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. У меҳрибон ва мағфиратлидир.

34:3 Кофир бўлган кимсалар «Бизларга (Қиёмат) соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан маҳфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши — Лавҳул-Маҳфузда у) мавжуд бўлур».

34:4 Токи (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун (шак-шубҳасиз, Қиёмат соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир.

34:5 Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.

34:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), илм ато этилган зотлар сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (Қуръоннинг) ҳақ (Китоб) эканини ва у қудратли, ҳамду санога лойиқ Зотнинг йўлига ҳидоят қилишини билурлар.

34:7 Кофир бўлган кимсалар эса: «Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шубҳасиз, яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми?