>

Алоуддин Мансур — 427

33:63 Одамлар сиздан (Қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир.

33:64 Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди.

33:65 Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар.

33:66 Юзлари оловда айлантириладиган — куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар.

33:67 Яна улар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар.

33:68 Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин», дедилар.

33:69 Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир).

33:70 Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!

33:71 (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ бахтга эришибди.

33:72 Албатта Биз бу омонатни (яъни, шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди).

33:73 Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруларини қабул килиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган Зотдир.