Алоуддин Мансур — 426
33:55 (Пайғамбар аёллари) ўзларининг оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина) аёлларга ва қўл остиларидаги чўриларга (очиқ ҳолда кўринишларида) уларга бирон гуноҳ бўлмас. (Эй пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ барча нарса устида гувоҳ бўлган Зотдир.
33:56 Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!
33:57 Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
33:58 Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар.
33:59 Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
33:60 Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, фақат озгина тура олурлар, холос.
33:61 Магар лаънатга дучор бўлган ҳолларидагина (тура олурлар, холос). (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар.
33:62 (Бу) илгари ўтган зотлар ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.