Алоуддин Мансур — 425
33:51 Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни (ўзингизга яна ҳамхона қилишни) истасангиз сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу (яъни, аёлларингизга қиладиган муомалангизда сизга ихтиёр бериб қўйишимиз), уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқ (йўлдир). Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ билгувчи ва ҳалим бўлган Зотдир.
33:52 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни жамоллари сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни, аёлларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам сиз учун ҳалол бўлмас). Магар сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
33:53 Эй мўминлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг пишишига кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.
33:54 Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билур). Зеро, Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.